Умумтаълим мактаб ўқувчилари таътилни мазмунли ўтказиши учун керакли чоралар кўрилмоқда

Ҳукумат комиссияси ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан ҳамкорликда ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олиниши ҳамда эфир вақтларини ажратиш бўйича вазифалар юклатилди.

  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга кўра мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун 16 март кунидан таътил эълон қилинди.

 Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимига кирувчи барча таълим муассасаларида, жумладан, мактаб-интернатлар, “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги тўгараклар, А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва ходимларини қайта тайёрлаш ва малакаси ошириш институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларида ўқув жараёнлари тўхтатилди.

 Шу билан бирга, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тарбияланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу таълим-тарбия муассасаларига кириш ва чиқиш қатъий назоратга олиниб, турли хайрия тадбирлари чекланади. 

  Мазкур видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилди ва ҳозирда видеодарсларни тасвирга олиш ишлари бошланди.

   Видеодарслар тайёр бўлганидан кейин телевидение ва Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайтларида (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади. Видеодарслар ва намойиш вақтлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик расмий сайти, ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали чоп этиб борилади.

   Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларга қўшимча манбалар сифатида Khan Academy(https://uz.khanacademy.org), Edu Market (https://edumarket.uz), Eduportal (http://eduportal.uz), Kitob.uz (http://www.kitob.uz), Lib.uzedu.uz (http://lib.uzedu.uz), Online Maktab (http://www.online-maktab.uz), Maktab.uzedu.uz (http://maktab.uzedu.uz) каби таълим ресурслари ва Utube.uz (https://utube.uz) ресурсидан ҳам фойдаланишларини тавсия этилади.

Scroll to Top